Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Покистон ва Афғонистон ўртасидаги сўнгги кунларда авж олган ўзаро ҳарбий зарбалар натижасида икки қўшни давлат ўртасидаги вазият кескинлашди. Покистон мудофаа вазири Хожа Осиф вазиятни "очиқ уруш" деб атади.
Жума куни эрта тонгда Покистон ҳарбий кучлари Афғонистоннинг бир нечта вилоятига, жумладан, пойтахт Кобул, Қандаҳор ва Пактияга ҳаво зарбаларини берди. Толибон ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистоннинг бу ҳаракатларини "қўрқоқлик" деб атаб, Афғонистон томонидан жавоб операциялари бошланганини маълум қилди.
Зиддиятлар ортида бир неча ҳафтадан буён Покистонда содир бўлаётган ҳужумлар туради. Исломобод мазкур ҳужумлар Афғонистонда жойлашган жангарилар (Покистон Толибони — TTP ва ИШИД билан боғлиқ гуруҳлар) томонидан уюштирилаётганини даъво қилиб, уларнинг "Афғонистон томонидан бошқарилаётгани" ҳақида "аниқ далиллар" мавжудлигини билдирмоқда.
Қурбонлар ва зарарлар бўйича икки томон турфа фикрларни билдирган. Покистон даъвосига кўра, 133 нафар Толибон жангчиси ўлдирилган, юзлаб одам жароҳатланган, Афғонистоннинг ҳарбий постлари ва техникалари йўқ қилинган.
Афғонистон даъвосига кўра, 8 нафар афғон аскари ва 13 нафар тинч фуқаро жабрланган. Ўз навбатида, Кобул 55 нафар покистонлик аскар ўлдирилгани ва 19 та ҳарбий пост эгалланганини иддао қилмоқда.
Расмий Исломобод 2 нафар аскар ҳалок бўлгани ва 3 нафар аскар яраланганини тан олган.
Октябрь ойида ўрнатилган мўрт сулҳ бугун деярли барҳам топди. Покистон мудофаа вазири Хожа Осиф ижтимоий тармоқларда Афғонистонни "дунёдаги барча террорчиларни йиғиб, терроризмни экспорт қилишда" айблаб, Исломободнинг сабри тугаганини таъкидлаган. Афғонистон томони эса Покистонни ёлғон тарғиботда айблаб, ўз ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда давом этишини билдирмоқда.
Халқаро кузатувчилар мазкур чегара можароси минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётганидан хавотирда. Ҳозирда икки давлат ҳам чегара бўйлаб қўшимча кучларни жойлаштирмоқда.
Октябрь ойида ҳам Покистон ва Афғонистоннинг чегара ҳудудларида "очиқ уруш" эълон қилинганди. Тўқнашувлар натижасида камида беш ҳарбий ва 25 жангари ҳалок бўлганини маълум қилинганди. Тўқнашувлар Туркияда икки мамлакат вакиллари музокара олиб борган вақтда юз берган.

Изоҳлар мавжуд емас