Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йилда республикада меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар оқибатида 248 нафар инсон ҳаётдан кўз юмди.
Давлат меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, ўтган йил давомида мамлакат бўйлаб корхона ва ташкилотларда жами 849 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Шулардан 50 таси гуруҳли тусда бўлган, 583 таси оғир оқибатларга олиб келган, яна 216 таси эса ўлим билан якунланган.
Умуман олганда, ишлаб чиқаришдаги ҳодисалар натижасида 961 нафар киши жабрланган. 680 нафар ходим оғир тан жароҳати олган, 33 нафар киши енгил жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар сони 248 нафарни ташкил этган.
Бахтсиз ҳодисаларнинг энг кўп сони қурилиш соҳасида қайд этилган — 234 та ҳолат. Кейинги ўринларда енгил саноат соҳаси — 47 та ҳолат ва транспорт тармоғи — 37 та ҳолат билан қайд этилган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп бахтсиз ҳодисалар Тошкент шаҳрида — 153 та ҳолат қайд этилган. Тошкент ва Андижон вилоятларида эса 75 тадан ҳолат аниқланган. Энг кам кўрсаткичлар Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида кузатилган — ҳар иккисида 16 тадан ҳолат.
Оғир оқибатларга олиб келган меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатлари бўйича 432 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Яна 241 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Изоҳлар мавжуд емас